ЧИЛОНЖИЙДА

ЧИЛОНЖИЙДА, унаби, хитой хурмоси (Ziziphus Mill.) — жумрутдошлар оиласи, зизифус туркумига мансуб дарахт ёки бута; экиладиган мева дарахти. Осиё, Африка, Шим. Америка, Австралиянинг тропик ва субтропик минтақаларида ўсадиган 50 дан ортиқ тури маълум. Жумладан, Ўрта Осиёнинг тоғли ҳудудларида майда мевали ёввойи тури ўсади. Хитой Ч. си (унаби; Z.jujuba Mill.) маданийлаштирилган. Япония, Хитой, Покистон, Афғонистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистонда экилади. Дарахти бал. 8 — 12 м га боради, танасининг йўғонлиги 40—60 см (баъзан 4 м ли бута ҳолида ўсади). 100 й. дан ортиқ яшайди.

Барги тухумсимон, ялтироқ, четлари майда арра тишли. Май охири — июль бошларида гуллайди, гуллаши 30—35 кун давом этади. Гули хушбўй, икки жинсли, майда, сарғимтиркўкиш. Ўзидан ва четдан чангланади. Меваси 26 — 32 г, уз. 3—3,5 см, ноксимон, тухумсимон, қизғишжигарранг, ялтироқ, пўсти қаттиқ. Сент. охирида пишади. Эти оч яшил, оқ, ширин. Таркибида 19—20% қанд, 0,3— 0,5% кислота, 2,8—2,9% оқсил, 1,73% кул моддаси, 500—523 мг% С ва Р, А витаминлари; илдиз, барг ва пўстлоғида 4—9,5% ошловчи модда бор; шифобахш.

Чилонжийда намсевар, қурғоқчилик ва совуққа чидамли, баҳорги қорасовуқцан зарарланмайди. Кўчати ўтқазилгач 2—4йили ҳосилга киради. 18—20 ёшида бир туп дарахти 40—45 кг мева беради. Ҳосилдорлиги 150—200 ц/га. Қаламча, пайвандлаш йўли билан ҳамда уруғидан кўпайтирилади. Меваси янгилигида ейилади, қуритилади, цукатлар, мураббо, компотлар, консерва қилинади.

Ўзбекистоннинг барча вилоятларида 1967 й. дан Хитой ва 1934 й. да Калифорния (АҚШ)дан келтирилган Тан Янцзао, У Синхун навлари экилади.

Зараркунанда ва касалликлари. Чилонжийда касаллик ва зараркунандаларга чидамли. Мевасига Чилонжийда пашшаси катта зарар етказади. Кураш чоралари қўлланилмаганда чилонжийда пашшаси қуртлари меванинг 90—95% ини зарарлайди.

Ад..Тошматов Л., Чилонжийда, Т., 1962; Помология Узбекистана, Т., 1983; Аҳм е до в Ў. А., Хол матов Ҳ. Ҳ., Чилонжийда доривор ўсимлик, Т., 1993.