ЧИГИТ

ЧИГИТ — ғўза уруғи; териб олинган пахтани қайта ишлаб (толадан ажратиб) олинади. Терилган пахта вазнининг 55— 60% Ч. ҳиссасига тўғри келади. Шакли тухумсимон ёки ноксимон, чўзинчоқ ёки калта, бўйи 1,5—15 мм, эни (диаметри) 1—8 мм, оғирлиги 70 — 160 мг, 1000 донасининг ўртача вазни 120—140 г; қўнғиржигарранг, қаттиқ қобиқ ва мағиз (ядро)дан иборат. Устки қавати (пўсти)дан тола ва момиқ (линт) ажратиб олинади (қ. Пахта толаси). Тола ва туклари кўп кенг қисми (тўмтоқ томони) халаза, уч қисми микропиле (чанг йўли) дейилади. Чигит муртаги 2 та уруғпалла, уруғпалла остки бўғин, иддиз қинидан иборат. Фойдаланиш мақсадларига кўра уруғлик ва саноатда қайта ишланадиган техник Чигит ларга бўлинади. Бир неча ойдан бир икки йилгача яхши сақланган Чигит физиологик пишиб етилган, соғлом ва унувчан бўлади. Бехато ва соғлом униб чиқиши учун ивитилади. Чигитнинг муҳим хусусияти унинг эпидермис ҳужайраларида бир ҳужайрали 20 мм дан 42—44 мм ва ундан ортиқ бўлган толаларнинг ҳосил бўлишидир. Чигит мағзи таркибида 24 дан 29% га қадар мой бор (қ. Пахта мойи). Ўзбекистон ёғмой саноати корхоналарида ҳар йили 1,5 — 2 млн. т техник чигит қайта ишланиб пахта ёғи, шулха (Ч. пўчоғи), кунжара олинади. Чигит чиқиндиларини қайта ишлаб, улардан целлюлоза, спирт, лок ва б. маҳсулотлар и. ч. да фойдаланилади.