ЧИҒАТОЙ УЛУСИ

ЧИҒАТОЙ УЛУСИ — Чингизхон томонидан 2ўғли Чиғатой ва унинг меросхўрларига ҳукмронлик учун берилган (1224) ҳудуднинг номи. Чиғатой улуси Қашқар, Еттисув ва Мовароуннаҳр ерларини ўз ичига қамраб олган. Кўчманчилик билан шуғулланувчи мўғулларнинг ўтроқ аҳолини бошқариш тажрибаси йўклиги боис Чиғатойхон ўзига тегишли улусни бошқаришни аввал хоразмлик Махмуд Ялавочга, сўнгра унинг ўғли Масъудбекка (1238—89) топширади. Ўзи эса умрининг охиригача укаси Ўктой қоон саройида бош маслаҳатчи тарзида фаолият кўрсатади. Чиғатой улусидан олинадиган даромадларнинг асосий қисми Ҳорақурумта жўнатилган. Қолган қисмини маҳаллий аҳолидан тайинланган олий ҳоким улус эҳтиёжлари ҳамда қўшин харажатлари йўлида сарф қилиш ҳуқуқига эга бўлган. Чиғатой улусида ҳам Чингизхон барпо этган мўғуллар давлатидек меҳнаткаш омма нафақат мўғул босқоқлари, доруғалари, балки маҳаллий зодагонлар ва оқсуяклар томонидан ҳам эзилган. Деҳқонлар, ҳунармандлар, косиблар, чорвадорлар илгаридан мавжуд бўлган солиқлардан ташқари мўғуллар жорий қилган янги солиқ ва ўлпонларни тўлашга мажбур эди. Охирокибат Чиғатой улусининг қишлоқ ва шаҳарларида мўғулларга ва ерлик зодагонларга нисбатан норозиликлар кучайган, қўзғолонлар бўлиб ўтган (қ. Махмуд Торобий қўзғолони). Чиғатой вафотидан сўнг Мангу қоон ва Ботухон Ч. у. ни мулк сифатида тугатиб, уни Тули ва Жўжи ворислари ўртасида тақсимлашга келишиб олишган. 1251 й. империя пойтахти Қорақурумда бўлиб ўтган қурултойда Мангу қоон этиб сайлангач, чиғатой хонзодаларнинг кўпчилиги Ўктой қоон авлодлари қатори қатл қилинган. Чиғатой улусини Мангу қоон ва Ботухон бўлишиб олганлар. Мовароуннаҳр Ботухонга қарам бўлиб қолган. 13-а. нинг 60-й. ларида Чиғатойнинг 6фарзанди Байдарнинг ўғли Олғу (1261—65) чиғатойлар ҳокимиятини қайта тиклашга эришади. Олғу вафот этгач, унинг ворислари — Муборакшоҳ ва Бароқхон маҳаллий аҳоли билан яқинроқ муносабатда бўлиш мақсадида мусулмон динини қабул қилганлар. 1266 й. Ч. у. хони қароргоҳи Еттисувдан Мовароуннаҳрга — Оҳангаронга кўчирилади. Бароқхон ҳукмронлиги вақтида Хайду кўрсатмасига мувофиқ Масъудбек томонидан Бухоро қайта тикланади. Фарғона водийсида янги шаҳар — Андижонга асос солинади. Кебакхон (1318—26) даврида қароргоҳ Қашқадарёга кўчирилади, қад. Насаф яқинида Қарши ш. барпо этилади. Улус Эрондаги каби маъмурий бирликлар ҳамда солиқ ундирилувчи туманларга (Фарғона ва Қашқарда — ўрчин) тақсимланади, ягона пул бирлиги — кебакийга ўтилади. Аммо мўғул мулкларини бирлаштириш ва марказлаштириш мақсадида ўтказилган маъмурий ва молиявий ислоҳотлар сиёсий тарқокликка барҳам беришга қодир эмас эди. 14-а. ўрталарида Чиғатой улуси Мовароуннаҳр ва Мўғулистонта бўлиниб кетган. 1370 й. Мовароуннаҳрда Амир Темур салтанатининг ўрнатилиши чиғатоийлар ҳокимиятига барҳам берди.

Ад.: Рашид адДин, Сборник летописей, т. Дкн.2), т.2, М. Л., 1952,1960; Бартольд В. В., Сочинения, т.2(ч.2), М, 1964; Мирзо Улуғбек, Тўрт улус тарихи, Т., 1996,Абулғозий, Шажарайи турк, Т., 1992; Ўзбекистон халқлари тарихи, 1ж., Т., 1992. Ҳамидулла Дадабоев.