ЧЕРСКИЙ ТИЗМАСИ

ЧЕРСКИЙ ТИЗМАСИ (Черский тоғ занжири) — РФнинг шим. шарқидаги тоғлар (Саха Республикаси ва Магадан вилояти). Шим. ғарбдан шарқжан. шарққа 1600 км чўзилган. Черский тизмасининг ғарбий қисмида Хадаранья тизмаси (энг баланд жойи 2185 м), ТасХаяхтах (2356 м), Чемалгинский (2547 м), Курунда (1919 м), Догдо (2272 м), Чибагалахский (2449 м), Боронг (2681 м), Силяпский (2703 м) тизмалари жойлашган; Индигирка дарёси ҳавзаси ва Колиманинг бош томонида УлаханЧистай тизмаси (энг баланд жойи Ғалаба тоғи — 3147 м) ва Черге тизмаси (2332 м) бор.

Черский тизмаси мезозой бурмаланишида ҳосил бўлган ва палеозойнинг кучли дислокацияга учраган ва метаморфозлашган карбонат жинсларидан, чеккалари эса денгиз ва қуруқлик ётқизиқларидан тузилган, кўпгина жойларда бу жинсларни қалин гранит интрузиялари ва б. магматик нордон жинслар ёриб чиққан. Черский тизмаси ўртача баландликдаги тоғлардир. Умумий майд. 157 км2га якин бўлган 350 дан зиёд музлик бор.

Иқлими қаттиқ совуқ, кескин континентал. Янв. нинг ўртача траси — 34°дан — 40°гача (пастликларда — 55°, —60°). Ёзи қисқа ва салқин. Июлнинг ўртача траси 3°дан (баланд тоғларда) 12°—13° гача. Йиллик ёғин 300 дан 600—700 мм гача. Тўнгиб ётган ерлар бор. Даре водийсида терак, шим. ён бағрида тилоғоч ўсади. Ҳудудининг кўп қисми баланд тоғ минтақаси ўсимликлари билан қопланган; чўққилари совуқ тошлоқ тоғ чўлидан иборат. Фойдали қазилмалардан олтин, қалай, тошкўмир конлари бор. Черский тизмаси рус геологи ва географи, Шарқий Сибирнинг тадқиқотчиси И. Д. Черский номи билан аталган.