ЧЕРНИШЕВСКИЙ Николай Гаврилович

ЧЕРНИШЕВСКИЙ Николай Гаврилович [1828.12.24 (7) Саратов 1889.17(29).10] — рус публицисти, адабий танқидчи ва жамоат арбоби. Петербург университетининг тарихфилол. бўлимини (1846—50) тугатган. Рус жамиятида илк демократик ҳаракат ва инқилобий вазият учқун олган 1859—61 й. ларда «Современник» жур. «деҳқонлар демократияси»нинг минбарига айланган. Шу жараёнга бошчилик қилган ҳамда инқилобий руҳдаги варақаларни тайёрлаш ва тарқатишда иштирок этган Чернишевский рус муҳожирлари билан алоқада айбланиб, 1862 й. 7 июлда ҳибсга олинади. Чернишевский Петропавловск қалъасида ўзининг машҳур «Нима қилмоқ керак?» (1863) романини ёзади. Чернишевскийни 7 йил муддатли каторга ишларига юбориш ҳақидаги ҳукм эълон қилиниб, очиқ майдонда «фуқаролик жазоси» ўтказилгач (1864 й. 19 май), у жандармлар ҳамроҳлигида Сибирга юборилган. 20 й. дан зиёд умрини қамоқ, каторга ва сургунда ўтказиб, 1883 й. да Астрахонда яшаш шарти билан озод этилган.

Чернишевскийнинг асосий фаолияти деҳқонлар инқилоби ёрдами билан Россияни янги тараққиёт босқичига олиб чиқишга қаратилган. У Европадаги инқилобий ҳаракатлардан сабоқ чиқарган ҳолда аграр Россиянинг келажагини деҳқонлар инқилобининг рўй бериши ва шу инқилобнинг бўлажак самараларида кўрган. Ч. Россиядаги мавжуд сиёсий тузумни деҳқонлар инқилоби ёрдамида ўзгартириш ғоясини олға суриш билан бирга Европада шаклланиб бораётган капитализмни ҳам қабул қилмаган. Ч. Россияда капитализм босқичини кечирмай туриб, янги, тараққий этган ва демократик меъёрлар устуворлик қилган жамиятни барпо этиш мумкин, деб ҳисоблаган. Шунинг учун ҳам шўро даври файласуфлари Чернишевскийнинг сиёсийижтимоий қарашларини утопик социализм таълимотининг кўринишларидан бири сифатида баҳолаб келганлар.

Чернишевскийнинг асосий адабийэстетик қарашларига кўра, «санъат — санъат учун» назарияси зарарли; ғоявийлик, халқчиллик ва ҳаққонийлик адабиётнинг устувор тамойилларидир. Чернишевскийнинг адабийтанқидий ва эстетик қарашлари, биринчи навбатда, ўз даври учун, рус адабиёти ва санъати учун муҳим аҳамиятга эга бўлган.

Чернишевскийнинг адабий меросида «Нима қилмоқ керак?» (1862—63) романидан ташқари, Сибирда ёзилган «Муқаддима» («Пролог», 1867 — 69) романи, «Бир киз тарихи», «Барбаруссанинг авлоди», «Ёғду жилолари» сингари ҳикоялар, «Ечимсиз драма», «Олижаноб эр», «Бўтқа тайёрловчи пазанда» каби пьесалар бор. Бу асарлар ора сида «Муқаддима» ва, айниқса, «Нима қилмоқ керак?» романлари алоҳида мавқега эга. Чернишевский «Нима қилмоқ керак?» романи асосида эски ҳаётни ёмон кўрган, эскича яшашни хохламаган, ўз ватанининг гўзал эртанги кунини яқинлаштиришни истаган кишилар нима қилишлари лозим, деган саволга жавоб беришга уринган. Чернишевскийнинг «Муқаддима» романи ҳам жамиятни қайта қуриш муаммосига бағишланган бўлиб, унда ҳам рус адабиётидаги «янги кишилар» образи яратилган.

Ас. ;Танланган адабийтанқидий мақолалар, Т., 1956; Нима қилмоқкерак? Т., 1968; Сочинения, т. 1—5, М., 1974.

Ад. Покусаев Е. И., Н. Г. Чернышевский, М., 1976; Ланщиков А., Н. Г. Чернишевский, М., 1982; Н. Г. Чернышевский в воспоминаниях современников, М., 1982.

Наим Каримов.