ЧЕКИШ

ЧЕКИШ — айрим тутовчи ўсимлик маҳсулотлари (тамаки, афъюн ва б.) тутунидан нафас олиш. Тамаки Ч. кенг тарқалган зарарли одатлардан бўлиб, чекувчи ва унинг атрофидаги одамлар соғлиғига ёмон таъсир этади; юрактомир, меъда, ўпка касалликлари ривожланишига олиб келади. Тамаки чеккан одам унга ўрганиб, чекмасдан туролмайдиган бўлиб қолади. Тамаки таркибидаги никотин одам организмига кучли таъсир этиб, у марказий ва периферик нерв системасига вақтинча қўзғатувчи таъсир кўрсатади, артериал қон босимини оширади, майда томирларни торайтиради; нафасни тезлаштиради ва ҳ. к. Никотин билан бирга тамаки тутунидаги ёниш маҳсулотлари ҳам организмни заҳарлайди. Тамаки тутунида канцероген моддалар бўлади. Тамаки тутунидан тиш эмали шикастланади, кариес, стоматит, гингивит каби касалликлар вужудга келади, у бронхлар шиллиқ пардасига таъсир этиб, сурункали бронхит ва ўпка эмфиземасига, кейинчалик тузатиб бўлмайдиган хавфли ўсмалар ривожланишига олиб келади.

Сурункасига узоқ вакт чекиш кишининг тез қаришига сабаб бўлади. Тўқималарнинг кислород билан ёмон таъминланиши, майда томирларнинг торайиши чекувчиларнинг ташқи кўринишини ўзгартириб юборади (кўз оки ва тери сарғимтир тусга киради, сўлғинлик пайдо бўлади). Нафас йўллари шиллиқ пардасидаги ўзгариш товушга таъсир этади (товуш бўғиқлашади, одам хириллаб нафас олади). Никотин ёшларга ва кексаларга анча салбий таъсир кўрсатади, чунки уларнинг нерв системаси никотин таъсирига ўта сезувчан бўлади. Чекиш ҳомиладорлик даврида айниқса, зарарлидир, бунда никотин она қонига ўтиб, ҳомилани заҳарлайди.

Чекиш ирсиятни ҳам заҳарлаб, нимжон, нуқсонли фарзандлар туғилишига олиб келиши мумкин.

Чекиш ўта зарарли бўлгани учун кейинги пайтларда қатор мамлакатларда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам Чекишга қарши қаратилган бир қанча тадбирлар амалга оширилмоқда, тамаки маҳсулотларини реклама килиш ва уни болаларга сотиш, жамоат жойларида ва транспортда чекиш тақиқланади ва ҳ. к. Кўпчилик чекувчиларнинг чекишни ташлагандан сўнг киши хасталаниб қолиши мумкин деган гапи асоссиз, чунки заҳардан ўзини тийган киши ҳеч қачон зарар кўрмаган.

Киши ҳар қанча кашанда бўлса ҳам Чекишдан қутулиш мумкин. Бунинг учун унда мустаҳкам ирода ва чекишни ташлашга қатъий қарор бўлиши керак. Чекишни ташлаган кишида қандайдир нохушлик, жиззакилик, уйқу бузилиши, баъзан бош оғриғи каби ҳолатлар кузатилади. Лекин булар кейинчалик барҳам топади. Чекишни ташламоқчи бўлганда врачнаркологга учрашиш ва тегишли маслаҳатлар олиш лозим.