ЧАЁН ЧАҚИШИ

ЧАЁН ЧАҚИШИ — киши ҳаёти учун хавфли ҳолат. Чаён чаққан жойда кучли оғриқ сезилади, кейинчалик у қон томирлари ва нерв толалари орқали бутун танага тарқалади. Ўша жой қизиб, баъзан «музлаб» жонсизланади, қичишади, қизариб шишади, гоҳо унда пуфакчалар пайдо бўлади; киши ҳолсизланади, боши айланади ва оғрийди, эти увишади. Оғирроқ ҳолларда томир тортишиб, нафас олиш, гапириш қийинлашади. Чаён чаққан жойга нашатир спирти суртиб, иссиқ қилиш лозим, унга саримсоқ ёки пиёзни эзиб қўйиш, марганцовка (калий перманганат) эритмаси билан ванна қилиш ҳам мумкин. Чаён чаққан кишида беҳоллик аломатлари кузатилса, дарҳол врачга мурожаат этиш зарур. Унга иложи борича кўп суюқлик ичириш лозим. Чаён чақишини олдини олиш учун чаён ўлжа қидириб кириб қолиши мумкин бўлган пойабзал, кийим ва б. ни қоқиб-суқиб кийиш мақсадга мувофиқ.