ЧАУРАСИЯ

ЧАУРАСИЯ (Chaurasia) Пандит Харипрасад (1938.1.7, Илоҳобод, Ҳиндистон) — ҳинд созандаси (бансури най), замонавий ҳинд мумтоз мусиқа мактаби вакили. 1957 й. дан Ҳиндистон радиоси (Катака ш.)да созанда ва бастакор, кейинчалик Бомбайда яшаган. Ч. Шим. (хиндустани) ва Жан. (карнатак) Ҳиндистон мумтоз мусиқа услубларини ўзлаштириб, рага, тхумри, дадра, хаял каби жанрлар ижрочилигида биринчи бўлиб бансури найни қўллаган. Ижро услуби ноёб маҳорати, виртуоз техникаси билан ажралиб туради. Ижролари ўнлаб грампластинка ва компакт дискларга ёзилган. Осиё (жумладан, 1975 ва 1977 й. ларда Ўзбекистонда ҳам), Европа ва Америка мамлакатларида гастролда бўлган. Сангит Натак академияси аъзоси (1984), Ҳиндистоннинг энг юқори (Падма Бхушан, 1992; Падма Вибхусан, 2000) мукофотлари билан тақдирланган.