ЧАТҚОЛ

ЧАТҚОЛ — Қирғизистон Республикаси Ўш вилояти ва Ўзбекистон Республикаси Тошкент вилоятидаги дарё. Чорвоқ сув омбори қурилгунга қадар Чирчиқнинг йирик ирмоғи бўлган. Уз. 217 км, ҳавзасининг майд. 7110 км2. Талас Олатовининг жан. гарбий ён бағридан Қорақулжа номи билан бошланади. Қорақасмоқ ирмоғи қўшилгач, Чатқол номини олади. Чорвоқ сув омборига қуйилади. Бошланиш қисмида Чатқол чуқур ва тор дарада оқади; Қоратака ирмоғи қуйилган жойдан бошлаб дарё водийси кескин кенгаяди. Қуйи қисмида Чатқол бир неча террасалари бўлган кенг водийда чуқур ўзанда оқади.

Чатқол водийсининг ён бағирлари кўп жойларда тик ва баланд тоғ ён бағирларидан иборат, калта ирмоклар, жарликлар билан парчаланган. Водийси кенг жойларда ён бағирлари ётиқроқ, бал. 8 — 40 м бўлган террасалар ҳосил қилган. Эни 200—300 м ли қайирларда дарё ўзани бир неча майда тармоқларга ажралиб кетади. Дарё ҳавзаси баланд тоғларда жойлашган (ўртача бал. 2605 м). Умумий майд. 51 км2 бўлган 119 кичик музлик бор. Дарё қор ва музлик сувларидан тўйинади. Чатқолнинг ўртача йиллик сув сарфи Терс дарёсининг қуйилиш жойида 67 м3/сек., Назайтўқай қишлоғи ёнида 85 м3/сек., сув омборига қуйилиш ерида 126 м3/сек., 1932—74 й. лардаги кузатиш маълумотларига кўра, дарёнинг қуйилиш кисмида энг кўп сув сарфи 920 м3/сек., энг кам сув сарфи эса 7,0 м3/сек. бўлган. Чатқол дарёсида март ойидан сув кўпаяди, янв. — февралда камаяди. Ўрта ҳисобда йиллик сув микдорининг 55% март — июнда, 30% июль—сент. да ва 15% окт. — февраль ойларида оқиб ўтади. Дарё суви унча лойқа эмас (ўрта ҳисобда 460 г/м3). Дарё суви тез оққанлигидан музламайди. Лекин, шовуш оқиши ва қирғоқ музлаши мумкин. Чатқол сувидан экин майдонларини суғоришда фойдаланилади.