ЧАРХПАЛАК

ЧАРХПАЛАК — 1) сув суғориладиган ерга нисбатан анча пастда оқадиган ариқ ва анҳорлардан сувни юқорига кўтариб берадиган иншоот; айланаси бўйлаб чўмичлар ўрнатиб қўйиладиган парракли катта ғилдирак. Ғилдирак диаметрининг ўлчами анҳор ёки ариқнинг каттакичиклигига, оқаётган сувнинг кўп ёки камлигига қараб олинади. Чўмичлар сони ғилдиракнинг диаметрига боғлиқ. Оқиб турадиган сув ғилдирак парраклари (кураклари)га таъсир қилиб, ғилдиракни айлантиради, шунда чўмичлар сувга тўлади. Ғилдирак оғиши билан чўмичдаги сув новга қуйилади, новдан ариқча орқали керакли жойга оқади. Чархпалак қадимги сув иншоотларидан бири ҳисобланади. Дастлабки Чархпалаклар мил. ав. 4—3 минг йиллиқда пайдо бўлган. Қадимда Ўзбекистон ҳудудида ҳам Чархпалак асосий сув чиқариш воситаси ҳисобланган. 19-а. да насослар пайдо бўлгач, Чархпалак ларга бўлган эҳтиёж камайди, лекин айрим жойларда ҳозир ҳам фойдаланилади;

2) маданиятистироҳат боғлари ва болалар майдонларига ўрнатиладиган кўнгилочар иншоот. Айланаси бўйлаб қўзғалувчан қилиб ўриндиқлар осиб қўйиладиган катта диаметрли ғилдирак. Бундай Чархпалакни электр двигатель ҳаракатлантиради.