ЧАРХ ИЛОНЛАР

ЧАРХ ИЛОНЛАР, эфалар (Echis) — қора илонлар оиласига мансуб илонлар уруғи. Уз. 80 см гача. Кулранг ёки қўнғир тусли танасида оқиш илон изи ҳошияси бор. Танасининг 2 ёнидаги тангачалари киррасида тишчалари бўлади. Чарх илонлар танасини ҳалқа қилиб ўраганида тангачалар ишқаланиши натижасида чарх тоши айланишига ўхшаш товуш чиқади (номи шундан). 3 тури, жумладан, қум чарх илони ва чипор чарх илони Шим. Африка, Жан., Жан. Ғарбий Осиё ва Ўрта Осиёда таркалган. Ўзбекистонда қум чарх илони Бухоро, Сурхондарё вилоятлари ҳамда Қизилқум чўлида учрайди. Шомда ва тунда фаол ҳаёт кечиради. Майда умуртқалилар, ёш Чарх илонлар, асосан, ҳашаротлар ва ўргимчаксимонлар билан озиқланади. Тухумдан тирик туғади. Урғочиси 3 тадан 18 тагача бола туғади. Захарли, чақиши ўлимга олиб келиши мумкин. Захаридан иммун зардоб тайёрлашда ва и. т. ишларида фойдаланилади.