ЧАРЧАШ

ЧАРЧАШ, толиқиш, ҳориш — организмга ҳаддан ташқари зўр келиши натижасида меҳнат қобилиятининг пасайиши билан кечадиган физиологик ҳолат. Ақлий Чарчаш интеллектуал меҳнат маҳсулдорлигининг камайиши, эътиборнинг бузилиши, фикрлашнинг сусайиши ва бошқалар билан белгиланади. Жисмоний Чарчаш мускуллар кучи ва бир текисда ҳаракатланиши каби функцияларнинг бузилиши билан кечади.

Ўта ва сурункали Чарчаш фарқ қилинади. Ўта Чарчаш зўр бериб жисмоний меҳнат қилиш натижасида рўй беради. Сурункали Чарчаш турли функционал системалар ва бутун организмдаги ўзгаришларнинг ойлар ва йиллар давомида тўлиқ тикланмаслиги билан боғлиқ.

Чарчашнинг тезлиги меҳнатнинг хусусияти билан белгиланади: бир тарзда туриб мускулларга зўр келадиган иш бажарилганда киши анча тез, бир маромдаги иш бажарилганда бирмунча кам толиқади. Чарчашнинг юзага келишида одамнинг бажарилаётган ишга нисбатан муносабати ҳам муҳим роль ўйнайди. Кўпчилик одамларда эмоционал қўзғалиш даврида узоқ вақтгача Чарчаш белгилари пайдо бўлмайди.

Етарли дам олмаслик ёки узок, вакт ҳаддан ташқари зўриқиб ишлаш Чарчашга ёки мадор қуришига олиб келади. Ақлий ва руҳий толиқиш фарқ қилинади. Ёш ва нерв системаси маълум бир тузилишга эга бўлган кишиларда жадал ақлий меҳнат неврозларгя олиб келади. Руҳий толиқиш «юрак ҳиссиётига» тўлибтошган ва турли мажбуриятлари бўлган шахсларда кузатилади.

Мириқиб ухлаш ва фаол дам олиш иш қобилиятини тез тиклайди.

Оғир касалликларни бошдан кечирган кишиларда Чарчаш тез юз беради. Арзимаган ва унча узоқ давом этмайдиган зўриқиш ҳам уларда бош оғриғи, ҳарсиллаш, тез юрак уриши, терлаш ва қувватсизликка сабаб бўлади. Бундай кишилар меҳнат режимига ва иложи борича узоқроқ дам олишга қатъий амал қилишлари зарур.

Болалар организмининг анатомофизиологик хусусиятларига кўра ҳатто унчалик уринмаганида ҳам (маc, гўдак уйқудан қолганида, мактабда партада узоқ ўтирганида) тез чарчаб қолиши мумкин. Кун тартибининг нотўғрилиги, бир турдаги машғулот, ортиқча ўйинкулги ҳам тез Чарчашга олиб келади.

Болаларда Чарчаш белгилари кўпинча хаттиҳаракатнинг бузилишида кўринади: улар тоқатсиз, эътиборсиз, дарс вактида гаплашадиган, яъни интизомсиз бўлиб қоладилар. Баъзи ҳолларда, айниқса, касалликларни бошидан кечирган болалар бўшанг, сусткаш, хорғин, кучсиз бўлиб, фикрлаганда бош оғриғи сезади.

Чарчаш баъзан бошдан кечирилган касалликнинг оқибати эмас, балки унинг бошланғич белгиси бўлиши ҳам мумкин. Болада бошдан кечирилган касалликка ёки ақлий ва жисмоний зўриқишга боғлиқ бўлмаган тез чарчаб қолиш ҳоллари юз берганида, албатта, врачга мурожаат этиш лозим.

Иш қобилиятини узоқ вақтгача сақлаб қолишнинг таъсирли воситаларидан бири — меҳнат фаолиятининг аниқ маромда бўлишидир. Тез Чарчашни олдини олишда меҳнат ва дам олишни тўғри йўлга қўйиш, иш куни давомида қисқа муддатли танаффуслар ташкил қилиш, шунингдек, иш жойини тартибга солиш, ва ўзини сал ҳориган ҳис қилганда, чарчоғини ёзадиган машқлар бажаришга муҳим эътибор бериш зарур.

Болаларда тез чарчаб қолишнинг олдини олиш учун уларнинг кун тартиби маромининг бузилишига йўл қўймаслик (тўйиб ухлашига, иш оғирлик қилмаслигига, иш билан машғулотни тўғри навбатлаштиришга, уларнинг очиқ ҳавода узоқроқ бўлишига имконият туғдириш) керак.