ЧАҚИЛИКАЛОН

ЧАҚИЛИКАЛОН — Зарафшон тизмасининг ғарбий қисмидаги тоғ тизмаси. Шарқда Зарафшон дарёсининг чап ирмоғи (Мағиёндарё)дан бошланиб, ғарбга Тахтақорача довонигача тахм. 70—75 км га чўзилган. Эни 15—20 км. Бал. 2000—2500 м. Энг баланд жойи унинг шарқий қисмида (2936 м), ғарбида эса 2388 м дан ошмайди. Чақиликалон ассиметрик тузилишга эга. Шим. ён багри тик, қояли. Сувайирғич қисмида платосимон юзалар учрайди. Ғарбий чеккасининг сувайирғич қисмида Қирқгоғ платоси мавжуд. Чақиликалон герцин бурмаланиши даврида шаклланган. Мезозойда кўтарилган тоғлар емирилган. Ҳоз. кўриниши янги текгоник ҳаракатлар натижасида вужудга келган. Тектоник жиҳатдан антиклинорий структура. Тизма, асосан, силур ва девон даври чўкинди тоғ жинслари (оҳактош ва доломитлар) дан ташкил топган. Чақиликалон иклими қурғоқчил. Ёзи анча илиқ, қиши совуқ. Ўртача йиллик тра 12,0° — 12,3°. Йиллик ёғин 800 мм (Омонқўтонда), тоғ ён бағирларида 550 мм дан ошмайди. Чақиликалондан бошланадиган дарёлар (Қорасув, Ургутсой, Камонгарон, Омонқўтонсой ва б.) Зарафшон ва Қашқадарё дарёлари ҳавзасига мансуб.

Чақиликалон тизмаси ҳудудида, асосан, жигарранг тупроқлар тарқалган, тоғ олди қисмларида бўз тупроқлар учрайди. Тизма ҳудуди адир ва тоғ ўсимликлари минтақасига киради. Мезоксерофил ва эфемер ўсимликлар ўсади. Тизманинг шим. ён бағрида ёнғоқ, ёввойи олча ва б. дарахтлардан ташкил топган ўрмонлар мавжуд. Чақиликалонда кўплаб карст рельеф шакллари (каррлар, карст воронкалари, ботиқлари, қудуқлар, шахталар, ғорлар) вужудга келган. Чақиликалоннинг Қирқтоғ платосида Киев три бор.