ЧАПАНДОЗ

ЧАПАНДОЗ (форс. — тескари, чапақай) — 1) ўзбек ва тожик мусиқасида 3/4+3/8 такт ўлчовидаги мураккаб дойра усули. Талқин усулининг акси бўлиб (тескари ижро этилиши учун) шундай ном олган.

2) шу номли дойра усули жўрлигида ижро этиладиган мумтоз куй ва ашулалар. Кўпроқ ҳазажи мусаммани солим (мафоилунмафоилун…) вазнидаги газаллар билан ижро этилади. Чапандозлар муайян куй ва ашуланинг Чапандоз усулига туширилган варианти бўлиб, асосий ашула йўли ва номи билан қўшиб аталади (маc, «Чапандози Наво», «Чапандози Ироқ»). Ҳозирда Чапандоз усули ва куй йўллари талқинларидан деярли фарқ қилмайди.