ЧАНҚАШ

ЧАНҚАШ, ташналик — организмда сув танқислиги олдидан юзага келадиган физиологик ҳолат. Организмнинг сувсиз қолиш муддатига, тер, сийдик билан сув йўқотишига, ейилган овқатдаги ош тузи миқдорига қараб, одам ҳар хил даражада чанқайди. Одам чанқаганда оғзи ва томоғи қурийди. Бу ҳолат оғиз ва томоқни сув билан чайганда, мириқиб сув ичганда бутунлай йўқолади. Чанқашнинг пайдо бўлиши организмдаги сувтуз мувозанатини сақлашга қаратилган. Чанқаш натижасида организмда жиддий ўзгаришлар рўй бериши мумкин. Бу жараённинг келиб чиқиши марказий нерв системасининг турли қисмлари (гипоталамус, ретикуляр формация, катта ярим шарлар пўстлоғи) даги бир қанча нерв ҳужайраларининг рефлектор фаолиятига боғлиқ.

Чанқаш организмда сув миқдорининг камайишига бўлган нормал реакциягина эмас, балки айрим касалликлар (маc, диабет, буйрак касалликлари ва ҳ. к.) белгиси бўлиши ҳам мумкин.

Бош мия фаолиятининг бузилишига алоқадор касалликларда киши ташналикни бутунлай сезмайди. Жуда кучли Чанқаш юқори тра (иссиқ иқлим ва ҳ. к.) шароитида ишловчи кишиларда кузатилади. Бунда юз берувчи кучли терлаш организмнинг фақат сувни эмас, балки тузларни ҳам йўқотишига олиб келади. Натижада организмнинг сувни ушлаб қолиш қобилияти пасаяди, киши куп терлаганидан ташналик уни ҳодцан тойдириб қўяди. Бундай ўзгаришларни махсус сув ичиш режими ёрдамида сезиларли даражада камайтириш мумкин.