ЧАНГЛАНИШ

ЧАНГЛАНИШ, ўсимликларда — чангларнинг уруғчи тумшуқчасига (гулли ўсимликларда) ёки уруғ куртакка (очиқ уруғлиларда) тушиши. Чангланишдан сўнг чангдан чанг найчаси ривожланади; найча тугунчага қараб усади. Найча орқали уруғ ҳужайралар — спермитлар уруғ куртакдаги тухум ҳужайрага етиб боради. Уругланган тухум ҳужайрадан муртак ривожланади. Гулли ўсимликларда четдан ва ўзидан Чангланиш содир бўлади. Четдан Чангланишда бир гулнинг чангдонидаги чанглар 2гул уруғчиси тумшуқчасига, ўзидан Чангланишда чанглар шу гул уруғчиси тумшуқчасига тушади. Четдан Чангланишда ҳосил бўладиган янги организм уруғли ўсимликлар белгилари комбинациясига эга бўлгани учун ўзидан чангланишга нисбатан биологик устунликка эга. Ўзидан Чангланиш эса тур белгиларининг турғунлашувига имкон беради. Кўпчилик ўсимликлар ўзидан чангланади. Четдан чангланадиган ўсимликларда бирор сабабга кўра четдан Чангланиш содир бўлмаганида (маc, обҳаво ноқулай келганида) ўзидан Чангланиш рўй беради.

Ўсимликларда эволюция давомида четдан Чангланишга мослашиш (гуллар ва айниқса, ўсимликларнинг айрим жинсли бўлиши, икки жинсли гулларда чангдонлар ва уруғчининг бир вақтда етилмаслиги) пайдо бўлган.

Четдан Чангланишда ҳайвонлар (зоофилия), жумладан, қушлар (орнитофилия), сут эмизувчилар — кўршапалаклар, кемирувчилар, айрим халталилар (Австралияда), лемурлар (Мадагаскар о. да) иштирок этади. Лекин четдан Чангланишда ҳашаротлар (энтомофилия), шамол (анемофилия) ва сув (гидрофилия) асосий аҳамиятга эга. Эволюция давомида ҳайвонлар (асосан, ҳашаротлар) билан гулли ўсимликлар ўртасида Чангланишга ўзаро мослашиш белгилари (коэволюция) содир бўлган. Мингдевона гул қўрғони найининг чўзилиши билан уни чанглатадиган арвоҳ капалак хартуми ҳам узайиб борган. Орхидеялар гуллари эса уларни чанглатадиган ҳашаротлар урғочисига ўхшаш бўлиб қолган. Орхидеялар ва бир қанча бошқа ўсимликлар гулларининг очилиши уларни чанглатадиган ҳашаротлар ривожланишининг муайян даврига тўғри келади. Бир хил ўсимликлар (маc, анжир) фақат бир турдаги, бошқалари ўнлаб, ҳатго юзлаб ҳашаротлар ёрдамида чангланади.

Анемофилия, одатда, очиқ ерларда ўсадиган ўсимликлар ва кўпчилик дарахтлар учун хос. Бундай ўсимликлар гуллари майда бўлиб, тўпгулга тўпланган; гуллар жуда кўп чанг ҳосил қилади. Улар барг ёзишдан оддин гуллайди ёки тўпгуллари баргларидан анча юқори кўтарилиб туради (буғдойдошлар). Анемофил ўсимликларнинг тўпгуллари кучсиз шамолда ҳам тебраниб, чангини ҳавога тарқатади.

Сув орқали чангланадиган ўсимликлар чанглари тўкилгач, сув орқали уруғчи тумшуқчасига тушади. Айрим ўсимликлар ҳар хил йўл билан чангланади. Mac, зубтурум ҳашаротлар ва шамол ёрдамида чангланиши мумкин.