ЧАНГ

ЧАНГ — 1) қад. ва Ўрта аср Шарқ (Оссурия, Миср, Шим. Ҳиндистон, Эрон, Марказий Осиё) маданиятида қўлланилган торли тирнама мусиқий соз. Бурчакли ёки ёйсимон шаклда бўлиб, унга 13 ва ундан ортиқ торлар ўрнатилган. Ҳоз. Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудида тахм. 17-а. гача қўлланилган. Ўрта асрларда Ноқус Чангий, Мавлоно Мирек Чангий Бухорий, Хожа Бобо Чангий, Ҳофиз Чангий, Дарвишали Чангий ва б. Ч. ижрочилари танилган. Грузинларда чанги, абхазларда аюме ва ҳ. к. деб ҳам юритилади;

2) ўзбек, тожик, уйғур халклари торлиурма мусиқа чолғу асбоби. Ўзбекистонда кенг ишлатиладиган ҳоз. тури трапеция шаклдаги товушхонага эга. Сим торлари 2 харак воситасида 2 гуруҳга бўлинади: ўнг харак устидан ўтказилган симлар паст регистрда, чап харак устидан ўтказилганлари 1 ва 1,5 октава юқори регистрларда овоз чиқаради. Умумий диапазони 2,5 октава. Бамбукдан ишланган икки чўп ёрдамида уриб чалинади. 1930 й. ларда янги (хроматик товушқаторга эга) турлари яратилди (прима, тенор, бас). Жарангдор тембр, кенг динамик ва техник имкониятлари туфайли турли ансамбль, халқ чолғулари оркестри таркибида ҳамда якканавоз чолғу сифатида кенг тарқалган. Ўзбекистонда Чанг ижрочиларидан Матюсуф ва Фозил Харратовлар, Р. Исабоев, Фахр. Содиқов, Б. Алиев, Т. Хўжамбердиев, Т. Маҳмудов, А. Одилов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Т. Отабоев, Ф. Шукурова, Т. Собиров ва б. танилган.

Жасур Расултоев.