ЧАЛАХОРДАЛИЛАР

ЧАЛАХОРДАЛИЛАР (Hemichordata) — умуртқасизлар типи. Илгари хордалилар кенжа типи сифатида қаралган. Хордага ўхшаш орган — нотохордаси, жабра ёрикларининг бўлиши билан хордалиларга ўхшаб кетади. Чалахордалилар 2 ёнлама симметрияли, целомик ҳайвонлар. Гавдаси 3 бўлим: хартум, ёқача ва танадан иборат. Ҳар бир бўлимнинг ўз целломик халтаси бўлади. Нотохорда — ичакнинг учи берк ўсимтаси Хартум учун таянч вазифасини бажаради. Ҳалқумда жабра ёриқлари жойлашган. Қон айланиш системаси органлари бўйлама орқа ва қорин қон томирларидан иборат. Орқа қон томирининг нотохорда устидаги қисми кенгайиб, лакунар юракни ҳосил қилади. Нерв системаси тери эпителийсида жойлашган бўлиб, ёқача билан танаси ўртасидаги нерв ҳалқаси ва у билан боғланган орқа ҳамда қорин стволларидан иборат. Айириш органлари — жуфт целомодуктлар хартумда ва ёқачада жойлашган. 2 синфи: ичак билан нафас олувчилар ва қанот жабралилар бор.