ЧАКАМИҒ

ЧАКАМИҒ, ёпишқоқ қумриўт (Calium aparine 1.) — рўяндошлар оиласи қумриўтлар туркумига мансуб бир йиллик ўтсимон ўсимлик тури; бегона ўт. Пояси тўрт қиррали, ётиб усади, пастга қайрилган тиканчалар билан қопланган. Бўйи 80—100 см. Барглари яхлит қиррали, ўткир учли, наштар понасимон, тикансимон, тиканча ва қиллари бор. Гуллари оқиш, тикансимон гулбандли. Меваси буйраксимон ёнғоқча. Илдизи ўқ илдиз. Май—сент. да гуллаб мевалайди. Уруғидан кўпаяди. Бир тупи 1000 тагача уруғ беради. Мевалари етилиши билан сочилади. Суғорма деҳқончилик ҳудудларида уруғлари куздаёқ кўкариб чиқади. Ўрта Осиё, жумладан, Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Андижон, Сурхондарё вилоятларида кенг тарқалган. Суғориладиган ерлар, айниқса, ғаллазорларда, шунингдек, полизлар, боғлар, ариқ бўйлари, йўл ёқалари ҳамда тўқайзорларда учрайди.

Кураш чоралари: уруғликни тозалаш, ғалла экинлари йиғиштирилгач, анғизни юмшатиш; ерларни шудгор қилиш; ғалла экинларига гербицидлар пуркаш.