АЗОТОБАКТЕРИН, азотоген-таркибида микроорганизмлар (азотобактер) бўлган бактериал ўғит; азотобактер атмосферадаги азотни ўзлаштириб, уни ўсимлик осон ўзлаштира оладиган шаклга айлантириб беради. Тупроқли Азотобактерин (бунда нейтрал тупроқ субстрат вазифасини ўтайди) ҳамда агарли Азотобактерин (субстрат — агар-агар) фарқ қилинади. Тупроқли Азотобактерин қўлланиладиган жойда тайёрланади. Бунинг учун Азотобактерин чиринди моддасига бой бўлган томорқа ёки боғ тупроғида кўпайтирилади. Азотобактерин махсус з-д ва лаб. ларда торфли, чириндили ёки агарли препарат ҳолида тайёрланади. Азотобактерин дуккаксиз ўсимликларнинг азотли озиқланишини яхшилаш учун маданийлашган, нейтрал реакцияли ҳамда таркибида етарли миқдорда фосфор бўлган тупроққа уруғлик билан бирга солинади. 1 га ерга сарфланадиган уруғлик нормасига 3—6 кг Азотобактерин қўшилади (қ. Азот тўпловчи микроорганизмлар, Бактериал ўғитлар).