АБ

АБ, абун — арабча ота, падар сўзининг изофага киришмаган, ноаниқ ва бош келишикдаги шакли. Унинг изофага киришган, аниқ ва бош келишикдаги шакли — Абу. 1. Араблар, шунингдек ислом оламидаги бошқа халқлар кунялари таркибига кирувчи сўз. Мас, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний ва б. «Абу» билан келган исм шахснинг отаси эканлигини, «ибн» билан келган исм эса шахснинг ўғли эканлигини билдиради. «Абу» сўзи турдош от маъносида ҳам ишлатилади. Бунда у куня бўлмайди. Мас, «Абунназзора — «кўзойнак отаси» (яъни кўзойнак тақиб юрадиган киши). Баъзан «Абу» сўзи ҳайвонлар ва жонсиз нарсаларга нисбатан ҳам қўлланилади. Mac, «Абу риёҳ» — «шамол отаси» (яъни кайси томондан шамол эсаётганлигини кўрсатувчи темир паррак) (флюгер); «Абуляқзон» — хўроз. Кўпгина адабий сўз ва атамалар қатори «Абу» сўзи ҳам ўзбек адабий тилида 9—10 а. лардан бошлаб туркий сўз ва атамалар билан ёнма-ён, гоҳ уларнинг ўрнида қўлланила бошланган. Мас, Алишер Навоий қуйидаги шеърий байтида «бобо» сўзи ўрнида арабча «жадд» ва «ота» сўзи ўрнида «аб» сўзини қўллаган.

Дегач абжад, бошиға уйрулурлар — Қамар бирла қуёш, яъни жаду аб.

2. Қад. туркий тилидаги кўмакчилардан бири. Ёзувда иккинчи ҳарф «б» ёзилса ҳам, талаффузда «п» айтилади; «ап эзгу» («жуда яхши»), «ап ак» («оппок») (Маҳмуд Кошғарий. Девону луғотит турк, 1-ж. Т., 1960, 70-6.).