АБАДИЙ МУЗЛОҚ ЕР

АБАДИЙ МУЗЛОҚ ЕР (кўп йиллик музлоқ ер, доимий музлоқ ер, мангу тунг ер) — Ер юзасидан маълум чуқурда жойлашган ва узоқ вақт (2 йилдан бир неча минг йилларгача) муттасил музлаб ётадиган (т-раси 0° дан паст бўлган) тоғ жинслари. Одатда Ер юзининг шим. ва жан. совуқ ўлкаларида ҳамда баланд тоғларда учрайди. Евросиёда Абадий музлоқ ер майд. 10 млн. км2 дан зиёд. Йиллик ўртача т-раси 0° дан паст бўлган ўлкаларда кейинги даврларда ҳам Абадий музлоқ ерлар вужудга келаётгани хақида маълумотлар бор. Аб. м. е. нинг юза юпқа қатлами ёз вақтида бир оз эрийди. Абадий музлоқ ер Тупроқ жараёнига, ўсимликларга, ҳайвонот дунёсига таъсир этади. Абадий музлоқ ер қурилиш ишларини қийинлаштиради.