АЗОТ ОКСИДЛАРИ

АЗОТ ОКСИДЛАРИ — азотнинг кислород билан ҳосил қилган бирикмалари. Азот оксидлари азот ва кислород молекулаларининг бирикишидан ҳосил бўлиб, реакция иссиқлик ютилиши билан боради. Баъзилари термодинамик жиҳатдан беқарор. Азотнинг қуйидаги оксидлари маълум: азот (I)-оксид N2O, азот (II)-оксид NO, азот (III)-оксид N2O3, азот (IV)-оксид NO2, азот қўш оксид N2O4 ва азот (V)оксид N2O5. Азот (I)-оксид N2O — рангсиз, хушбўй ширинроқ газ, сувда оз миқдорда эрийди; кислота, ишқор ва сув б-н бирикмалар ҳосил қилмайди; юқори (900°) т-рада азот билан кислородга ажралади, ҳаво билан аралашмаси тиббиётда наркоз сифатида ишлатилади. Азот (II)оксид NO — рангсиз газ, сувда кам эрийди, ҳаводаги кислород билан оксидланиб, азот (IV)-оксидга айланади; бирикиш реакцияларига киришади; нитрат кислота ишлаб чиқаришда асосий оралиқ маҳсулот ҳисобланади. Азот (II)-оксид аммиакни каталитик оксидлаш ёки азот б-н кислород аралашмасини Вольта ёйидан ўтказиш орқали олинади. Азот (III)оксид N2O3 — қўнғир тусли газ, конденсатланганида кўк тусли суюқликка айланади; сув билан бирикиб, нитрит кислота (HNO2) ҳосил қилади. Азот (II) – ва (IV)-оксидлар аралашмасини совитиш натижасида ҳосил бўла-ди; беқарор модда. Азот (IV)-oксид NO2 — қўнғир рангли газ, сув билан бирикиб, нитрат кислота (HNO3) ва нитрит кислота ҳосил қилади. У кучли оксидловчи, ракетанинг суюқ ёнилғисини оксидлаш, органик моддаларни нитролаш учун ишлатилади. Азот қўш оксид N2O4 ва азот (V)-оксид N2O5 — рангсиз кристалл модда. Амалда деярли ишлатилмайди. Азот оксидлари физиологик фаол моддалардир.