АЗОТ МУВОЗАНАТИ

АЗОТ МУВОЗАНАТИ — организмга бир кеча-кундузда овқат таркибида кирган азот билан ундан ташқарига чиққан (сийдик ва нажас б-н) умумий азот орасидаги фарқ. Вояга етган организмнинг нормал ҳолатида Азот мувозанати мавжуд. Ўсаётган ёш организм мусбат Азот мувозанатига эга, яъни унинг ташқарига чиқараётган азоти қабул қилган азотидан кам. Етилган катта организм тўла Азот мувозанатида бўлади, яъни бир кеча-кундузда кабул қилинган азот миқдори ташқарига чиқарилган азот миқдорига тенг бўлади. Манфий Азот мувозанати овқат билан қабул қилинган азот етишмаганда, айниқса айрим аминокислоталар овқатда етарли бўлмаганда, баъзи касалликларда кузатилади. Бунда ташқарига чиқарилган умумий азот овқат билан қабул қилинган азотдан ортиқ бўлади.