АЗОН

АЗОН (араб, намозга чақириш) — 1) ислом динида ҳар куни ўқиладиган 5 маҳал намозга муаззин этадиган даъват. Азон намоз учун буюрилган суннат ҳисобланади. Муаззин (азон айтувчи) одатда ҳар бир масжидда бўлади. Унинг айтган Азони намоз вақти бўлганлигини билдиради. Азон баланд овоз билан ўзига хос оҳанг ила айтилади. Азон 622—623 й. ларда Муҳаммад (сав) томонидан белгиланди. Биринчи муаззин Билол (ра) бўлган. Азон айтиш ислом тарихининг бир неча асрлари давомида шаклланди.

2) Исломда янги тугилган чақалоқнинг қулоғига Азон айтиш одати ҳам бор. Бунда аввал махсус дуо ўқилиб, сўнг оҳиста товушда боланинг ўнг қулоғига Азон, чап қулоғига такбир айтилади. Бу одат гўдакнинг бокира шуурига Аллоҳ таоло номини муҳрлаш мазмунида талқин этилган.

3) Ўзбек тилида Азон сўзи эрталаб, саҳарлаб, илк саҳар (кун чиқишдан олдинги пайт) маъносини ҳам англатади.