АЗОБЎЁҚЛАР

АЗОБЎЁҚЛАР — молекуласида ароматик радикаллар (баъзи гетероциклик бирикмалар)ни бирлаштирувчи бир ёки бир неча азогуруҳ бўлган органик бўёвчи моддалар. Одатда Азобўёқлар таркибига муайян сондаги аминогуруҳ, оксигуруҳ ва б. гуруҳлар киради. Азогуруҳ сонига қараб моно-, ди-, три – ва полиазобўёқлар бўлиши мумкин. Азобўёқлар молекуласи таркибида ауксохромлар бўлади. Азобирикмаларда эса ауксохромлар бўлмайди. Азобўёқлар хилма-хиллиги ва сифати жиҳатидан бўёқлар орасида биринчи ўринни эгаллайди. Уларни ҳосил қилиш учун, аввало, ароматик аминлар диа-зотирлаш реакциясига киритилади. Бунда ҳосил бўлган диазобирикмаларга, одатда ароматик аминлар ёки феноллар таъсир эттириб, Азобўёқлар олинади. Азобўёқлар кислотали, асосли, эримайдиган бўёқлар ва б. га бўлинади. Булардан ташқари, пигмент Азобўёқлар, лок А., мой ва спиртда эрийдиган Азобўёқлар, ацетат ипагини бўяйдиган Азобўёқлар ва б. бўлади. Азобўёқлар тўқимачилик саноатида, лок-бўёқ, полиграфия, кўнчилик, қоғоз, резина саноатида ва саноатнинг бошқа тармоқларида ишлатилади (қ. Синтетик бўёқлар).