АЗИЗХЎЖАЕВ Акмал Абдуазимович

АЗИЗХЎЖАЕВ Акмал Абдуазимович (1936.8.11, Тошкент) — футболчи, спорт устаси (1966), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози (1992). 1954 й. дан «Спартак» футбол жамоасида ўйнаган. «Пахтакор» жамоаси сардори ва ҳимоячиси (1960—65 й. лар). Бухоронинг «Факел» (1966) ҳамда Нукуснинг «Амударё» (1983) жамоаларида бош мураббий. 1996 й. дан республика олий футбол мактабининг директори. Унинг мураббийлигидаги Ўзбекистон ўсмирлар футбол терма жамоаси Осиё чемпионати мусобақаларида иштирок этиб (1994) Ўрта Осиё республикалари орасида ғолиб чиққан ва финал учрашувларда қатнашган.