АЗИН БЎЁҚЛАР

АЗИН БЎЁҚЛАР — урфа рангдаги (қизилдан кўккача) бўёвчи синтетик моддалар, феназин ҳосилалари. Улар анилин ва парадиаминобензолни биргаликда оксидлаш йўли билан олинади. Азин бўёқлар қайтарилганда рангсиз лейкобирикмаларга айланади ва улардан ҳаводаги кислород таъсирида қайтадан бўёқ ҳосил бўлади. Азин бўёқларнинг асосли ва кислотали хоссага эга бўлган турлари маълум. Азин бўёқлар ип газлама, шойи, жун газлама бўяшда; баъзилари фотографияда десенсибилизатор сифатида ишлатилади.