АЗА (араб. — сабр, бардош) — марҳумнинг иззат-ҳурмати ва хотираси учун маълум муддат тутиладиган мотам. Аза тутиш одати қадим замонлардан мавжуд бўлиб, халқларнинг диний эътиқодларига кўра фарқланади. Исломда Аза тутиш муддати уч кун. Лекин эри вафот этган аёллар учун Идда муддати эса тўрт ойу ўн кун. Аза вақтида аёллар оддий матодан қора ёки кўк либос кийишади. Баъзи халқларда, жумладан ўзбекларда Азани узоқ тутиш — бир йилгача қора кийим кийиш, тўй қилмаслик ва ҳ. к. одатлар сақланган. Шунингдек, марҳум дафн этилгандан кейин уни хотирлаб етти, йигирма, қирқ, ҳайит оши, йил оши, кирювди, пайшанбалик, якшан-балиқ, оқкияр каби мотам маросимлари ўтказилади. Бу удумлар халқ ҳаётига ғоят сингиб кетган. Лекин бу анъанавий маросимларнинг шаръий асоси бўлмаганлиги сабабли ислом динида уларнинг кўп томонлари тан олинмайди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси буларнинг ўрнига марҳум руҳини шод этиш учун бошқа хайрли ишлар қилиш жоизлиги ҳақида бир неча фатво чиқарган (яна қ. Мотам маросимлари).