АЙЮБХОН

АЙЮБХОН Муҳаммад (1907-1974) — Покистон давлат ва сиёсат арбоби. Алигархдаги (Ҳиндистон) мусулмонлар ун-тини, сўнгра Сандхерстдаги (Англия) Қироллик ҳарбий коллежини битирган. 1928 й. дан ҳарбий хизматда, 2-жаҳон урушида қатнашган. 1951 й. дан Покистон армияси қўмондони. 1954—55 й. ларда Мудофаа вазири, 1956—58 й. ларда яна Покистон армияси қўмондони. Айюбхон 1958 й. даги давлат тўнтариши натижасида ҳокимиятни ўз қўлига олди. 1960 й. дан Покистон Ислом Республикасининг президенти. Ҳукмрон «Мусулмонлар лигаси» партиясининг раиси (1963 й. дан). Айюбхон 1966 й. янв. да Тошкентда олиб борилган Покистон билан Хиндистон ўртасидаги музоқараларнинг муваффақиятли якунланишига муҳим ҳисса қўшди (қ. Тошкент декларацияси). 1969 й. мартда президентлик лавозимидан бўшаб, ўз ваколатларини армия қўмондони генерал Яҳъёхонга топширган.