АЙЁР

АЙЁР, айёрлар (араб. — муғомбир, дайди, ялангоёқ, махфий иш олиб борувчи) — 1) Ироқ ва Эрон шаҳарларида 9—11-а. ларда диний ва сиёсий тусдаги ғалаёнларда фаол иштирок этган ғозийларнинг бир табақаси. Mac, саффорийлар қўшинининг таркибий қисмини ал-мутатаввиъа («кўнгиллилар») ташкил қилган, уларни камситиб Айёр деб («муттаҳамлар» маъноси ҳам бор) аташган. Айёр табақаси ерсиз ва қочоқ деҳқонлар ҳисобига сафини тўлатиб борган. Айёр мамлакат сиёсий ҳаётида муҳим роль ўйнаганлар. Жангда алоҳида жасорат, шижоат кўрсатган Айёр юқорироқ табақага — сарҳанглар қаторига ўтказилган;

2) ўрта асрларда ўзаро жанг қилувчи икки мамлакатнинг биридан иккинчисининг орқа томонига, шунингдек душман қўшини орасига махфий равишда юборилиб, унда ҳийла-найранг ишлатиб қутқу солиш, қўшиннинг орасини бузиш, энг ке-ракли кишиларни алдаб йўлдан уриш ёки қўлга тушириш каби ишлар билан шуғулланувчи шахс.

Ўтмишда хон (бек)ликлар ўртасидаги ўзаро низо-жанжалларда Айёрлар катта хизмат қилган. Mac, Меҳтарбоди Ялдойи Самарқандий, Чор Зўлобий, Доғули, Хавориқ («Абомуслим» достонида), Камак Кайёний («Жамшид» достонида), Ёсуман (А. Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин» достонида) ва б. ;

3) муғомбир, «тулки», ўз фойдаси учун зимдан иш қилувчи шахс;

4) бадиий адабиётда шўх, дилрабо, нозли, сеҳргар, ўзига ром этувчи ёр (маъшуқа).