АЙВОН

АЙВОН — Ўрта Осиёда иқлимий шароит (асосан ёз фасли)га мўлжаллаб қурилган усти ёпиқ, 1, 2 ёки 3 томони очиқ бино. А. нинг шим. га қаратиб солинадиган (терс айвон) ва жан. га қаратиб солинадиган (ўнг айвон, кунгай айвон) хиллари бўлади. Тузилиши жиҳатидан Айвоннинг даҳлиз-А., устунли Айвон, равокли Айвон каби турлари бор. Равоқли Айвоннинг энг мураккаби пештоқ шаклида қурилади. Айвон саҳни кўпинча суфа (супа) деб аталади. Айвон, одатда, чиройли қилиб безатилади. Шифти ва деворлари бўялади, ёғоч устунларига ўйма нақшлар солинади.

Айвон ўзбек миллий меъморлигида қад. дан турар жой ва жамоат биноларининг муҳим қисми бўлиб келган. Айвон ҳовли, масжид, Мадраса, дўкон ва саройларда ёзги бино сифатида қурилган. Айвон жойнинг иқлимий шароитига қараб турли шаклда қурилади. Mac, Фарғона водийсида Айвон иморат олдига қурилиб, «пешайвон» деб юритилади. Бухоро А. лари баланд ва камбарпаст бўлади. Тошкент ва Самарқанд А. лари кўпинча хоналар олди ва оралиғига қурилади. Хоразм (кўпроқ Хива) А. лари атрофдаги хоналардан баландроқ ва шим. томонга қаратиб қурилади. Бундай Айвонларни хоразмликлар «уллу (катта, шоҳ) айвон» дейишади. Хива ҳовлиларида камбар (терс) Айвонлар ҳам бўлиб, улар кўпинча хўжалик бинолари олдига қурилади. Баъзи шеваларда (Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида) бостирма шаклидаги биноларни ҳам Айвон деб атайдилар. Халқ тилида бинонинг бошқа халқлар меъморлигидан ўтган балкон, веранда каби қисмлари ҳам Айвон деб юритилади.