АЙВАЗОВСКИЙ

АЙВАЗОВСКИЙ (Гайвазовский) Иван Константинович (1817.17.7 — Феодосия — 1900.19.4) — рус рассоми. Армани оиласида туғилган. 1845 й. дан академик, 1847 й. дан проф., 1887 й. дан Петербург БАнинг фахрий аъзоси. Шунингдек, бир қатор Европа БАларининг аъзоси бўлган. 1845 й. дан Феодосияда яшаган. Айвазовский мероси 6 мингга яқин рассомлик асарларини ташкил этади. Айвазовский асарлари асосан денгиз манзараларига бағишланган, бепоён океан ва денгизларнинг қудратли тўлқин ва тўфонлари, уларнинг сокинлиги, ботаётган қуёш нурида сувнинг жилваланиши, ойдин тун манзаралари тиниқ ва ёрқин бўёқлар билан нафис ифодаланади. Айвазовскийнинг «Тўққизинчи вал» (1850) асарининг мазмуни драматик бўлишига қарамай, кишида ғусса туғдирмайди; «Тунги бўрон» (1864), «Шимолий денгиздаги бўрон» (1865), «Бўрон» (1872), «Денгизда ойдин тун» (1878), «Қора денгиз» (1881), «Феодосияда ой чиқиши» (1892) каби манзаралари тундаги табиатнинг рангтасвирдаги лирик ифодасидир. «Венеция» (1849), «Малага» (1854), «Родос ороли» (1861), «Крит оролида» (1867) каби асарлари рассомнинг чет элга саёҳатлари натижасидир. 1880 й. да Феодосияда бадиий устахона ва расмлар галереясини ташкил этди, кейинчалик булар Айвазовский номи билан атала бошланди.