АЙСБЕРГ

АЙСБЕРГ (инг. iceberg, голландча isberg, бу сўз скандинавияликлар тилига мансуб) , музтоғ — океан, денгиз ва музликка яқин кўлларда сузиб юрувчи ёки саёзликларга ўтириб қолувчи катта муз. Сувга тушиб келаётган қуруқлик музликлари сувнинг гидростатик босими, сув қалқиши, оқимлар, шамол таъсирида синиб, Айсберг бўлиб қолади. Айсберг асосан, Антарктика, Канада Арктика архипелагининг шим. ороллари, Гренландия қирғоқларида вужудга келади. Муз ҳамда сувнинг зичлигига қараб, Айсбергнинг 5/6 дан 9/10 гача қисми сув остида бўлади. Сув устидаги қисмининг баландлиги Арктикада 70 м гача, Антарктикада 100 м гача, уз. 1—2 км ли, эни 500 м ли майда ва узунлиги бир неча ўн км ли йирик Айсберглар бўлади. А. Шим. ярим шарда 40—50° ш. кларгача, Жан. ярим шарда 45—60° ж. к. ларгача учраши мумкин. Айсберг кемалар қатнови учун хавфли.