АЙОВА

АЙОВА — АҚШнинг Ўрта Ғарбидаги штат. Майд. 146 минг км2. Аҳолиси 2,8 млн. киши (1992). Маъмурий маркази — Де-Мойн ш. «Маккажўхори минтақаси»нинг маркази. Қ. х. маҳсулоти қийматига кўра АҚШда (Калифорниядан сўнг) 2-ўринда туради. Табиий шароити қулай. Миссисипи ва Миссури дарёларининг пастроқ (400—500 м) текис сувайирғичида жойлашган. Партов ерлар кам. Иқлими мўътадил континентал, ёғиннинг ярмидан кўпроғи (йилига 700—1000 мм) кўклам-ёз ойларида ёғади, тупроқлари унумдор қора-тупроқ ва қорамтир тупроқ. Қ. х. ривожланган. Штат ҳудудининг 70% экинзор, 11% яйлов, 7% ни ўрмонлар ташкил этади. Экин майдонининг кўп қисми ем-хашак экинлари: маккажўхори (48-50%), сули (25-26%), ўтлар (15—16%) билан банд. Ловия кўп экилади. Қ. х. товар маҳсулоти қийматининг 80% чорвачилиқдан келади; қорамол, чўчқа бўрдоқига боқилади. Қ. х. яхши механизациялашган. Фойдали қазилмалардан қурилиш материаллари ва бир оз кўмир қазиб чиқарилади. Ишлаб берувчи саноат тармоқларидан, асосан, озиқ-овқат саноати, шунингдек қ. х. машиналари ва инвентарлари и. ч. ривожланган. 2-жаҳон урушидан сўнг Айовада бир қанча ҳарбий саноат корхоналари қурилди (Давенпорт, Дубьюк ва б. портларда). Миссисипи ва Миссури дарёларида кема қатнайди. Транспорт йўллари яхши ривожланган. Айовада маккажўхори селекцияси тадқиқот ин-ти бор.