АЁЛЛАР (АНЪАНАВИЙ) АНСАМБЛЛАРИ — хотин-қизлардан ташкил топган ашула-рақс ёки ашула-чолғу ансамбллар; қадимдан ўзбек миллий мусиқа ижрочилиги ривожи жараёнида юзага келган. Одатда 3—4 аёл хонанда, созанда ва раққосаларни бирлаштиради. Репертуари ўзбек халқи мусиқа меросининг бой анъаналари ва хусусан маҳаллий мусиқий услуб (шева)ларга таянган. Бундай ансамбллар турли воҳаларга хос ижрочилар — яллачи (Фарғона водийси), созанда (Бухоро), халфа (Хоразм) ва ҳ. к. номлар б-н ҳам юритилган. Аёллар (анъанавий) ансамбллари (а.) а. одатда туй ва б. маросимлар, турли хил сайилларда ўз қўшиқ-рақсларини омма ўртасида ижро этиб келган. Ўзбекистонда аёлларнинг профессионал ва ҳаваскорлик тарзидаги замонавий ансамбллардан ташқари, давлат профессионал (дуторчи қизлар, гармоний қизлар ва б.), ҳаваскор фольклор («Ёр-ёр» — Наманган, «Нозанин»—Бухоро, «Гулёр» — Тошкент вилояти, «Қувасой ёр-ёри», «Онахонлар» — Фарғона, «Омон ёр» — Қўқон ва б.) ансамбллари мавжуд.