АЙНИЯТ ҚОНУНИ

АЙНИЯТ ҚОНУНИ — тўғри, мантиқий фикрлашнинг муҳим қонунларидан бири. Айният қонуни мантиқ фани (формал мантиқ)да ўрганилади. Айният қонуни ҳам тафаккурнинг бошқа қонун ва шакллари сингари предмет, ҳодисаларнинг маълум объектив хусусият ва муносабатларини акс эттиради. Предметларнинг нисбий мустақилликка эга бўлиш хусусияти, маълум давр ичида маълум муайянликни сақлаб қолиши, маълум аниқ мазмун ва шаклга эга бўлиши, бошқа нарсалардан фарқ қилиб туриши инсон тафаккурида бир неча минглаб йиллар давомида қайта-қайта акс этиши жараёнида Айният қонуни шаклида ифодаланган. Бу қонун бўйича муҳокамада, мунозарада ҳар бир фикр, ҳар бир тушунча ўзининг бошланғич маъносини ўзгартирмаслиги, айнан сақланиб қолиши, аниқ, равшан бўлиши лозим. Айният қонуни талабларига риоя этилмаса, фикрлаш ноаниқ бўлади, тушунчалар алмаштириб юборилади, натижада тафаккур объектив реалликни тўғри акс эттира олмайди, ҳақиқатни билиб бўлмайди. Фақат мантиқий, тафаккур учун хос бўлган бу қонуннинг мазмунини кенг маънода ишлатиш, объектив реалликка кўчириш метафизикага олиб боради. Бу қонун мантиқда А=А шаклида ифодаланади.