АЙНИЙ (тахаллуси; асл исми Садриддин Саидмуродзода) (1878.15.4, Бухоро вилояти, Ғиждувон тумани — 1954.15.6, Душанба) — ёзувчи, олим, жамоат арбоби. Ўзбек ва тожик тилида ёзган. Тожикистон ФА акад. ва биринчи президенти (1951—54), Ўзбекистон ФА фахрий аъзоси (1943), Тожикистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1940), филол. фанлари д-ри (1948), проф. (1950). Аввал эски мактабда (1884—87), кейин мадрасалар: Мир Араб (1890—91), Олимхон (1892—93), Бадалбек (1894—96), Ҳожи Зоҳид (1896-99), Кўкалдош (1899-1900) да таҳсил олган. Аҳмад Дониш ва озарбайжон ёзувчиси Ҳожа Мароғийнинг ҳамда жадид маърифатпарварларининг асарлари унинг дунёқарашига сезиларли таъсир кўрсатади. А. Бухорода янги усулдаги мактаблар очади, улар учун ўқув қўлланмалар, оммани илм-маърифатга чақирувчи шеър ва ҳикоялардан иборат «Ёшлар тарбияси» (1909) дарслигини тузади. «Ёш бухороликлар» ҳаракатида фаол қатнашади. 1918—21 й. ларда тожикча, ўзбекча марш, қўшиқ ва шеърлар яратади. «Бухоро жаллодлари» (1922) повести, «Бухоро мангит амирлигининг тарихи» (1921) асарида Бухоронинг ижтимоий-сиёсий ҳаёти ифодаланган. «Одина», «Қиз бола ёки Холида» (1924), «Тожик адабиётидан намуналар» (1926), «Қул бобо ёки икки озод» (1928) каби қисса, ҳикоя, очерклари муҳим аҳамиятга эга. Айний тожик ва ўзбек адабиётларининг минг йиллик тарихий тараққиётида етишиб чиққан 200 дан ортиқ шоир, тарихчи, олим, тазкиранавислар ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумот беради. Айний 1927-29 й. ларда йирик романи «Дохунда»ни тожик тилида нашр эттирди. 1934 й. да эса ўзбек тилида «Қуллар» романини яратди. Унда ўзбек ва тожик халқининг юз йиллик ҳаёти акс этади. Айнийнинг «Эски мактаб» (1935) асарида эски мактабдаги ўқиш ва ўқитиш ҳақида ҳикоя қилинади. Йигирманчи йилларда эълон қилинган қатор ҳажвий асарлари, «Яна бу қайси гўрдан чиқди», «Пулинг ҳалол бўлса, туй қил» (1924), «Машраб бобо», «Е, тўним» (1925), «Билганим йўқ», «Кенгаш» (1926) каби ўзбекча фельетонлари, ҳажвий шеър ва мақолалари, айниқса, «Судхўрнинг ўлими» (1939) ҳажвий повести ёзувчининг моҳир сатирик эканлигини кўрсатди. Муқанна ва Темурмалик бошчилигидаги халқ қўзғолонини акс эттирувчи адабий-тарихий очерклар ёзди. У тўрт қисмдан иборат «Эсдаликлар»ида (1949—54) Бухоронинг ўтмиш ҳаёти ва ўша давр ижтимоий-маданий муҳитини ёритади. Айний адабиётшунос, тилшунос, шарқшунос олим сифатида «Фирдавсий ва унинг «Шоҳнома»си ҳақида» (1934), «Камол Хўжандий», «Шайхурраис Абу Али ибн Сино» (1939), «Устод Рудакий» (1940), «Шайх Муслиҳиддин Саъдий Шерозий» (1942), «Алишер Навоий» (1948), «Зайниддин Восифий» (унинг «Бадое ул-вақое» асари ҳақида»), «Мирза Абдулқодир Бедил», Муқимий, Ғафур Ғулом ва Саид Назар ҳақидаги асарлари ўзбек ва тожик адабиётшунослиги ва танқидчилигида, «Форс ва тожик тиллари ҳақида», «Тожик тили» каби илмий ишлари тожик тилшунослигида муҳим воқеа бўлди. Айнийнинг «Дохунда», «Қуллар», «Судхўрнинг ўлими» ва «Эсдаликлар» асарлари хорижий тилларга таржима қилинган. Ўзбекистон ва Тожикистон Республикаларидаги бир қатор шаҳар, туманлар, қишлоқлар, кўчалар, мактаблар, кутубхоналар, санъат ва маданият муассасалари Айний номига қўйилган. Самарқандда Айний ёдгорлик уй-музейи очилган (1967).
Ас: 1-8-жилдлар, Т., 1963-1967.
Ад.: Ҳасанов М., Айний чамани, Т., 1978.