АЙИРБОШЛАШ

АЙИРБОШЛАШ (иқтисодиётда) — кишиларнинг меҳнат фаолияти ёки маҳсулотларини ўзаро алмаштиришлари. Айирбошлаш иқтисодий фаолиятнинг бир тури, ишлаб чиқариш билан истеъмолни бир-бирига боғлаб турувчи восита ҳисобланади. Айирбошлаш ўзига хос махсус фаолият тури бўлиб, амалиётда савдо-сотиқдан иборатдир. Бу фаолият билан махсус кишилар гуруҳлари шуғулланадилар. Айирбошлашнинг иқтисодий асосини ижтимоий меҳнат тақсимоти ташкил этади, характери ва шаклини и. ч. белгилайди. Ўз навбатида Айирбошлаш ҳам и. ч. нинг ривожланишига таъсир кўрсатади.

Айирбошлаш кишилик жамияти тарихида ижтимоий меҳнат тақсимоти, деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланадиган қабилаларнинг бир-биридан ажралиши туфайли келиб чиқди. Ишлаб чиқарувчи кучлар ўсиб, чорвачилик ва деҳқончилик б-н шуғулланадиган қабилаларда тайёрланган маҳсулотлар уларнинг ўз эҳтиёжларидан ортиб қоладиган бўлди, бу қабилаларда ўзлари ишлаб чиқара олмайдиган буюмларга эҳтиёж ўса бошлади. Шу даврда деҳқончилик ва чорвачилик маҳсулотини Айирбошлаш вужудга келди. Бу А. тасодифий характерга эга эди. Меҳнат тақсимоти чуқурлашиб, ҳунармандчилик қ. х. дан ажралиб чиққач, қ. х. ва ҳунармандчилик ихтисослашган бир неча тармоққа ажралиб кетди. Натижада ишлаб чиқарувчилар маълум турдаги маҳсулот тайёрлашга ўтдилар ва уларни бошқа маҳсулотларга алмаштириш б-н ўз эҳтиёжларини қондира бошладилар. Кейинчалик улар Айирбошлаш учун маҳсулот тайёрлаб, товар ишлаб чиқарувчиларга айландилар. Айирбошлаш илгари тасодифан, ўқтинўқтин бўлса, кейинчалик, у муҳим ишга, мунтазам фаолиятга айланди.

Товар и. ч. нинг ўсиши ва Айирбошлашнинг кенгайишининг пайдо бўлишига олиб келди. Бир товар иккинчиси билан пул ёрдамида билвосита айирбошланди. Ҳар хил товарларни миқдор жиҳатдан алмаштиришда уларнинг табиий хусусиятлари (шакли, ранги, огирлиги, ҳажми) эмас, балки айирбошлаш қиймати асос бўлади. Айирбошлаш маълум нисбат ва мутаносибликда юз беради, яъни бир товар бошқасига маълум миқдорий нисбатда айирбошланади.

Тарихан Айирбошлашнинг икки тури мавжуд: а) бартер ёки натурал А. Бунда бир товар бошқасига тўғридан тўғри, лекин маълум миқдорий нисбатда айирбошланади. Мас, бир қоп буғдой — 2 кг металл; б) товар айирбошлаш ёки савдо-сотиқ. Бунда бир товар бошқасига пул воситасида алмашилади. Товар пулга алмашганда сотиш юз берса, шу пулга бошқа товар харид этилганда сотиб олиш юз беради. Ҳар икки амалнинг яхлитлигидан олди-сотди пайдо бўлади. Бартер анъанавий иқтисодий тизимга хос, лекин хўжалик алоқалари издан чиққан, пул қадрсизланиб, ўз обрўсини йўқотган кезларда қайтадан пайдо бўлади.

Товар Айирбошлаш бозор иқтисодиётига хос, у А. нинг илғор ҳаммабоп усули бўлиб, нафақат миллий, балки халқаро миқёсда ҳам амал қилади.

Аҳмаджон Ўлмасов.