АЙИҚТОВОНЛАР

АЙИҚТОВОНЛАР (Ranunculus) — айиқтовондошлар оиласига мансуб кўп йиллик (баъзи турлари бир йиллик) ўсимликлар туркуми. Ер юзида 600 га яқин тури, шу жумладан Ўрта Осиёда 65 тури бор; кўпроқ сернам ерларда, Ўрта Осиёда эса чўл ва адирларда ҳам ўсади. Айиқтовонлар поясининг уз. 15—60 см, баъзан 80 см га боради; гуллари сариқ, тўғри (актиноморф), қўш гулқўрғонли. Гулкоса ва гултожиси 5 баргли, ҳар бир тожбаргнинг тагида қипиқсимон ўсимта билан ёпилиб турадиган шира бези бор, чангчи ва уруғчилари кўп. Гулўрни баъзи турларида туксиз, бошқаларида сертук. Барглари панжасимон ўйма, поянинг пастидан юқорисига томон майдалашиб боради. Меваси апокарп ва қуруқ (қ. Meed). А. нинг Ўзбекистонда 32 тури (кўпроқ R. pinnatisectus, R. linerilobus, R. Severtzovii ва б.) ўсади. Таркибида заҳарли модда — анемонол бўлгани учун Айиқтовонлар ли ўтлоқларда мол боқиш хавфли. Айиқтовонлар ўриб қуритилганда заҳарсизланади. Баъзи турлари хушманзара ўсимлик сифатида экилади.