АЙИҚТОВОНДОШЛАР

АЙИҚТОВОНДОШЛАР (Ranunculaсеае) — иккипаллалилар синфининг айритожлилар кенжа синфига мансуб ўсимликлар оиласи. Айиқтовондошлар асосан кўп йиллик (баъзилари бир йиллик) ўт. Бута ёки чала бута турлари ҳам учрайди. Барглари кетма-кет (баъзи турларида қарамақарши) ўрнашган, кўпинча ён баргчасиз, панжасимон — ўйма ёки қирқма, оддий (баъзиларида мураккаб). Гуллари икки жинсли, кўпчилик турларида тўғри (актиноморф), айрим турларида қийшиқ (зигоморф). Гулқўрғони оддий ёки қўшқават. Саллагул (Paeonia), сувйиғар (Aquilegia), парпи (Aconitum), исфарак (Delphinium), айиктовон (Ranunculus) каби туркумларга мансуб ўсимликларнинг гулкосаси, кўпчилик турларида эса гултожлари ҳам беш баргли. Аксарият турларида чангчи ва уруғчилар кўп. Мевалари — баргак ёки ёнғоқча, камдан-кам ҳолларда кўсакча шаклида. Айиқтовондошларнинг 1500 га яқин тури бор. Тропик зонадан бошлаб шим. даги барча минтақаларда учрайди. Марказий Осиёда 200 дан зиёд тури (25 туркуми) бор. Ўзбекистонда Айиқтовондошларнинг айиктовон, исфарак, пуфанак (Anemone), адонис (Adonis), сувйиғар каби туркумларига мансуб жуда кўп турлари ўсади. Баъзилари, мас, саллагул, исфарак, сувйиғар хушманзара ўсимлик, айримлари эса, мас, адонис, айиқтовон, парпилар доривор ўсимлик. Айиқтовондошларнинг айиқтовон, парпи сингари туркумларига мансуб турларнинг таркибида заҳарли моддалар (алкалоид ва гликозидлар) бор. Шу сабабли бундам ўсимликлар ўсган ўтлоқларда мол боқиш хавфли.