АЙИҚЛАР

АЙИҚЛАР (Ursidae) — йиртқичлар туркумига мансуб сут эмизувчилар оиласи. Энг йирик йиртқичлар, боши катта, бўйни қисқа ва йўғон. Панжалари кучли ривожланган, товонида юради. Думи калта, калин жуни орасида деярли сезилмайди. Кўпчилик Айиқлар ўсимликхўр ёки аралаш озиқланади. Айиқлар одамга тегмайди. Фақат озиқ танқис бўлганида, кекса ва ярадор айиқлар одам учун хавфли ҳисобланади. Оқ айиқ эса ҳақиқий йиртқич бўлиб, одам учун хавфли. Айиқларнинг 4 уруққа мансуб 7 тури мавжуд. Қўнғир айиқ (Ursus arctos) Европа, Осиё, Шим. Африка ва Американинг ўрмонли ўлкаларида тарқалган. Танасининг уз. 2,5 м, оғирлиги баъзан 750 кг га етади. Ўзбекистоннинг тоғ ўрмонларида оқтирноқли қўнғир айиқ (U. arctos leuconyx) учрайди. Қўнғир айиқ окт, — нояб. дан март — апр. гача дарахтлар коваги, тошларнинг остидаги ковакларда, табиий чуқур жойлар ёки ўзи қазиган инига тушиб қишки уйқуга кетади. Урғочилари уяда 2—3 та, баъзан 1 ёки 4 та нимжон бола туғади. Қора айиқ, Ҳимолай айиғи (U. thibetanus)нинг танаси бирмунча кичик ва хипчароқ, қулоклари йирик, жуни қора, фақат кўкрагининг олдинги томонида тасмага ўхшаш оқ жуни бўлади. Шарқий ва Жан.-Шарқий Осиёнинг аралаш ва кенг баргли субтропик урмонларида яшайди. Қора айиқ ҳам қўнғир айиқ сингари мевалар, ўсимликларнинг барглари ва ёш новдалари, турли ҳашаротлар ва ҳайвонларнинг мурдалари б-н озиқланади. Оқ айиқ (U. maritimus) Арктика музликларида яшайди, асосан тюленлар, ҳайвонларнинг мурдалари билан озиқланади. Қишда ухламайди. Танасининг уз. 3 м, оғирлиги 750 кг гача келади. Барибал (Euarctos americanus) Шим. Америкада тарқалган, жуни силлиқ, танасининг уз. 1,5—1,8 м, оғирлиги 120— 150 кг га етади. Жан. Осиёнинг тропик ва субтропик ўрмонларида Малайзия айиғи (Helarctos malayanos), Ҳиндистон ва Цейлонда лабдор айиқ (Melursus ursinus), Жан. Америкада кўзойнакли айиқ (Tremaratus ornatus) учрайди. Кўпчилик айиклар мўйнаси ва ёғи учун овланади. Лекин барча турларининг сони кескин камайиб кетаётганлиги туфайли аксари мамлакатларда муҳофаза қилинади. Айиқларнинг 5 тури Халқаро Қизил китобга, қўнғир айиқ Ўзбекистон Қизил китобига киритилган.

Ад.: Богданов О. П., Редкие животные Узбекистана, Т., 1991; Наумов С. П., Умуртқали ҳайвонлар зоологияси, Т., 1995.