АХМАТОВА (тахаллуси; ҳақиқий фам. Горенко Анна Андреевна) (1889.11.6, Одесса — 1966.5.3, Москва вилояти Домодедово ш. ; Санкт-Петербургда дафн этилган) — рус шоираси. 1910 й. дан асосан Петербургда яшаган. Биринчи шеърлар китоби «Оқшом» 1910 й. да чиққан. «Тасбеҳ» (1914), «Оқгала» (1917), «Баргизуб» (1921) ва б. китобларидаги шеърларида лирик кечинмалар, танҳолик туйғулари ифодаланган. Инқилобий воқелиқдан узоқ бўлсада, Ахматова бари бир муҳожирларни, яъни ватангадо кишиларни қоралаб шеърлар ёзади («Мен ўз ерини ташлаганлар билан бирга эмасман…»). Бир неча йиллар мобайнида Ахматова ижодининг янги қирралари шаклланди, асарларида Ватан мавзуи устунлик қила бошлади. 30 —40 – й. лардаги шеърларида Ватан, ватанпарварлик мавзулари кенг акс этган («Олтин китобдан», 1940; «Танланган асарлар», 1944). 2-жаҳон уруши йилларида Тошкентда яшаб, «Тошкент шеърлари» (1944) туркумини яратган. «Қаҳрамонсиз поэма» (1940 — 62) асари — А. ижодининг чўққиси. «Вақтнинг тез ўтиши» (шеърий тўплам, 1965) китобида Ахматова ижодининг ўзига хос томонлари акс этган. Шарқ, Ғарбий Европа шоирлари ижодидан таржималар қилган («Корея мумтоз шеърияти», 1958; «Шарқ мумтоз шеърияти», 1969 ва б.). А. назми умуман бадиий соддалиги, лўндалиги ва услубининг ойдинлиги, образларининг аниқлиги ва одмилиги, чуқур лириклиги ва мусиқийлиги билан алоҳида ажралиб туради. Шеърлари ўзбек тилига таржима килинган (1966,1969). Тошкентда Ахматова яшаб ижод этган уй ўрнида қурилган бинога (Содиқ Азимов кўчаси, 54) шоира хотирасини абадийлаштирувчи лавҳа ўрнатилган (1976).