АУТОИНФЕКЦИЯ (ауто… ва инфекция) — организмдаги мавжуд микроорганизмлар таъсирида касаллик пайдо бўлиши. Одам организмида оддий шароитда касаллик қўзғатмайдиган ва шартли патоген микроблар деб аталадиган турли микроорганизмлар учрайди. Қулай шароитда (организмнинг ҳимоя кучлари камайганда) ана шу микроорганизмлар жонланиб, касаллик пайдо килади. Антибиотикларни бемав-рид ва бетартиб қўллаш оқибатида ҳам Аутоинфекция ривожланиши кузатилади. Аутоинфекцияни одамнинг териси ва шиллиқ қаватларида яшайдиган стафилококк, ичак таёқчаси ва турли замбуруғлар қўзғатади.