АУЕСКИ КАСАЛЛИГИ

АУЕСКИ КАСАЛЛИГИ, сохта қутуриш касаллиги (венгер врачи A. Auieszky номидан) — ҳайвонларда марказий нерв системаси ва нафас органларининг шикастланиши белгилари билан ўтадиган вирусли юқумли касаллик. А. к. б-н барча сут эмизувчилар ва қушлар касалланади. Касаллик айниқса, даррандачилик ва чўчқачилик хўжаликларига катта зарар келтиради. Ауески касаллиги, асосан, от, чўчқа, қорамол, қўй-эчки ва итларда йилнинг ҳамма фаслида учрайди. Касаллик кўпроқ кемирувчилар ва этхўр (йиртқич) лар орқали тарқалади; чўчқаларга бошқа касал ҳайвонлардан бевосита ҳам юқади. Вируслар қон ва лимфа билан бутун организмга тарқалади. Ауески касаллигининг инкубация даври 1—8 кун. Касалланган ҳайвон тўсатдан лоҳас бўлади, ҳарорати кўтарилади, овқат емай қўяди, қичинади, қорамол оз қўй-эчкилардан кўп сўлак оқади, ҳаллослайди, юрак уриши тезлашади, мудраб юради ва 3—5 кундан сўнг ҳалок бўлади.

Ташҳис касалликнинг клиник белгилари ва лаб. текширишлари асосида қўйилади. Давоси: А. к. юқкан ҳайвонларга гаммаглобулин; қайталанмаслиги учун пенициллин, стрептомицин берилади. Олдин и олиш: ҳайвонлар эмланади, Ауески касаллиги тарқалганлиги аниқланган хўжалик карантин зонаси деб эълон қилинади. Эпизоотияга қарши чора-тадбирлар ўтказилади. Касал ва тузалган ҳайвонлар бошқа жойга олингач, молхоналар 1% ли формальдегид эритмаси, янги сўндирилган оҳакнинг 20% эритмаси билан дезинфекция қилинади.