АУДИТОРЛИК ХИЗМАТИ — компания, корхона, ташкилот ва б. нинг молияхўжалик фаолияти ҳолатини холис текширувчи фирмалар. Бу фирмаларнинг хизматчилари белгиланган тартибда аудиторлик фаолияти билан шуғулланиш учун ҳуқуқи бўлган ва аудиторлик касбкор рўйхати (реестри)га киритилган мутахассислар бўлиб, аудиторлар деб аталади. Аудиторлик хизмати хўжалик юритувчи субъектлар билан аудиторлик фирмалари ўртасида тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади. Бундай фирмалар Аудиторлик хизматини бажариш учун тегишли компания, корхона ва ташкилотлар фаолиятини назорат қиладиган давлат органлари (Ўзбекистонда Адлия, Молия вазирликлари)дан махсус рухсатнома (лицензия) оладилар. Аудиторлик хизматининг асосий вазифаси текширилаётган корхонанинг молиявий аҳволи тўғрисида холис хулоса беришдан иборат. Бу хулоса ушбу корхонанинг фаолияти тўғрисидаги йиллик ҳисоботда шу корхонанинг расмий баланси ҳамда фойда ва зарари ҳисоблари билан биргаликда қонун билан белгиланган тартибда эълон қилинади. Аудиторлик хизмати хулосаси ижобий ёки салбий бўлишидан қатъи назар корхонанинг молиявий ҳолатини тасдиқловчи мустақил ҳужжат ҳисобланади. Аудиторлик хизмати назорат ишлари билан бирга маслаҳат хизматларини ҳам бажаради.
Аудиторлик хизмати биринчи марта 19-а. нинг 40-й. ларида Англияда акциядорлик жамиятлари молия-хўжалик фаолиятини текшириш б-н боғлиқ ҳолда пайдо бўлди. 20-а. нинг 70-й. ларига келиб жаҳон мамлакатларида Аудиторлик хизмати стандартлари яратила бошлади. МДҲ мамлакатлари, шу жум-ладан Ўзбекистонда дастлабки аудиторлар 90-й. ларнинг бошларида пайдо бўлди. Ўзбекистонда 300 дан ортиқ аудиторлик фирмалари фаолият кўрсатади (2000). ЎзР ҳудудида иш олиб борувчи аудиторлик фирмалари ва мустақил аудиторлар ихтиёрий асосларда мустақил жамоат ташкилоти бўлган Ўзбекистон Республикаси Аудиторлар палатасига уюшган. Ўзбекистонда Аудиторлик хизмати 1992 й. 9 дек. да қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Аудиторлик фаолияти тўғрисида» Қонунига мувофиқ олиб борилади.
Абдурауф Мусаев.