АЦИЛЛАШ — органик бирикмалардаги водород ўрнига карбон кислота қолдиғи RCO ни киритиш. Ациллашга формиллаш, бензоиллаш ва б. реакциялар киради. Ациллаш воситалари сифатида карбон кислоталар ёки одатда, уларнинг ҳосилалари (эфирлари, ангидридлари ва ҳ. к.) ишлатилади. Ациллаш реакцияларини ўрганиш ва улардаги қонуниятларни аниқлашга Ўзбекистон ФА акад. И. П. Цукерваник ва унинг шогирдлари катта ҳисса қўшган.