АЦЕТИЛХОЛИН (Acetylcholinum) — юксак физиологик таъсирга эга биологик амин, холиннинг ацетат эфири, рангсиз органик модда, медиаторлардан бири. Нервда ва нейромускуллар синапсида ҳосил бўлади. Кимёвий тоза Ацетилхолин асосан туз ҳолида учрайди. Ҳавода туриши билан намланиб суюқланади. Сув, спирт ва хлороформда яхши эрийди, эфирда эримайди. Умуртқали ва кўпчилик умурткасиз ҳайвонларнинг тўқималарида бўлади. Нерв системаси фаолиятида катта ўрин тутади. Ацетилхолиннинг биологик функцияси нерв учларидан импульсни мускулларга ва синапеларда қўзғалишни ўтказиш билан боғлиқ. У доимо нерв учларида синтезланиб, импульс ўтказилгач ацетил холинэстераза ферменти таъсирида парчаланади. Ацетилхолин холинэргик нейротрансмиттер сифатида таъсир кўрсатади, мускуллар қисқаришини қўзғатади. Ҳайвонлар организмига Ацетилхолин киритилса, юрак уриши сусаяди, қон босими пасаяди, меъда ва ичак фаолияти тезлашади. Ацетилхолин баъзи томир касалликларида, мия томирлари спазми, оёқ-қўл томирлари эмболияси, шунингдек пароксизмал тахикардияда қўлланилади.