АТРОПАТЕНА

АТРОПАТЕНА (ёки Кичик Мидия, Адербиган) — Жан. Озарбайжоннинг юнонча номи. Атропатена қад. Мидиянинг шим. қисмини (ҳоз. Талиш тоглари, Араке дарёси ва Урмия кўллари ҳудудини) ўз ичига олган. Атропатена шу жойнинг мил. ав. 4 – а. даги ҳокими — Атропат (Ахоманийлар сатрапи) номидан олинган. Антик давр муаррихларининг Атропатена ҳақида берган маълумотлари Атропатенани илк кулдорлик давлати ва зардуштийлик динининг асосий марказларидан бири деб ҳисоблаш имконини беради. 7 – а. да Атропатена Араб халифалиги томонидан фатҳ этилган.