АТОМ, ИОН ВА МОЛЕКУЛАЛАРНИНГ ҚУТБЛАНУВЧАНЛИГИ

АТОМ, ИОН ВА МОЛЕКУЛАЛАРНИНГ ҚУТБЛАНУВЧАНЛИГИ — ташқи электр майдони таъсирида электронлар булути, атом ядроси, молекула ва ионлар марказларининг бирбирига нисбатан силжиши. Умумий қугбланиш атом қутбланиш ра, электрон қугбланиш рэ ва ориентация қутбланиши ро йиғиндисига тенг: ра — атом ядросининг ташқи майдондаги манфий қутб томон силжиши, рз — электронлар булутининг электр майдонидаги мусбат қутб томон силжиши, ро — туғма диполли молекулаларнинг майдон қутблари томон мос тартибда жойлашиши. Қутбланиш натижасида қутбланмаган молекула қутбланган молекулага айланади, туғма диполли молекулаларнинг қутблилиги ошади. Қутбланиш натижасида вужудга келган диполь индукция диполи дейилади. Индукция диполи моменти т таъсир кўрсатувчи майдоннинг кучланганлиги Е га мутаносиб: т = аЕ, а — қутбланувчанлик; ҳар қайси заррача (молекула, атом)нинг қутбланувчанлик хоссасини ифодалайди. Анионларда ядронинг электрон қаватига таъсири кучсизроқ, шу сабабли анионлар ташқи электр майдони таъсирида осонроқ қутбланади ва уларнинг заряди ҳамда радиуси қанча катта бўлса, шунча осон қутбланади. Катионларнинг қутблаш хоссаси ҳам бор, бу хосса катионнинг зарядига тўғри, радиусига тескари мутаносиб.